Ўзимизни тадқиқ қилишни давом эттиришдан аввал, келинг, ҳаётий қувват тушунчаси билан танишиб олайлик. Бу тур энергия ҳақида одамлар яқин-яқингача илмий тушунчага эга бўлишмаган. Умуман – бу соҳа ҳали яхши ўрганилмаган. Аммо биз учун ҳозиргача тўпланган билимлар етарли.
Ҳар бир организмда икки хил қувват мавжуд – жисмоний (физик) ва ҳаётий. Жисмоний энергия, англаб турганингиздек, мускуллар қуввати, тана ҳарорати ва биологик фаоллик учун зарур бошқа қувват турлари.
Ҳаётий энергия – бу сизнинг руҳий ҳолатингизни белгилаб берувчи кучдир. Агар сизда ғайрат-шижоат тўлиб турган бўлса, ҳаётий қувватингиз жуда юқори демак. Агар сиз ҳеч бир иштиёқсиз, ҳамма нарсага бефарқ яшаётган бўлсангиз – унда ҳаётий қувватингиз ўта тушиб кетган.
Ҳаётий қувват жўш уриб турган тана ўзини жуда тетик ва енгил ҳис этади. Кучли севинч ҳисси ҳаётий қувват оқимини кучайтириб беради. Мисол учун, сиз узоқ пайт кўрмаган қадрдонингиз шаҳарга келаётганини эшитиб қолдингиз. Уни кутиб олгани бораётганда қувончдан босган қадамингиз вазнини ҳам ҳис этмайсиз.
Ёки катта хушхабар бемор одамни даволаб қўйиши мумкин. Ва аксинча, кучли руҳий зўриқиш ҳаётий қувватингизни шу даражада тушириб юборадики, бу соғлиғингизга ҳам катта таъсир кўрсатади. Нохуш хабардан одамнинг ҳушини йўқотиши бунга исбот.
Барчамиз туғилганимизда маълум миқдорда ҳаётий энергия билан дунёга келамиз. Ҳаёт давомида уни турли нарсаларга сарф қиламиз ва шу заҳира тугаши билан ҳаётдан кўз юмамиз.
Ташвишлар, диққатпазлик, кучли руҳий зўриқиш, турли салбий туйғулар – буларнинг бари ҳаётий қувват кушандаларидир. Нисбатан узоқ умр кўрганлардан сўраб билсангиз, уларнинг ҳаёти бир маромда, кескин бурилишлар ва катта муаммоларсиз ўтган бўлади.
Ҳаётий энергия заҳирасини тўлдириш жуда қийин. Бунинг ҳозирда бизга маълум ягона усули – бу завқланиш. Табиат гўзаллиги, дилтортар мусиқа, ёки севимли машғулот кишига завқ бериш билан унинг ҳаётий қувват даражасини кўтаради. Табиатга ва санъатга шунчалик қаттиқ боғланганлигимиз сабаби ана шунда.
Кимдир Тангри яратган табиат ёки инсон яратган санъат наъмуналаридан баҳра олса, яна кимдир ўзи яратувчилик қилиб мароқланади. Бошқа одамларга ёрдам бериб завқланувчи инсонлар ҳам бор. Ва аксинча – бошқаларнинг тинчини бузиб завқланадиганлар ҳам бор. Булар қувватхўр одамлардир – улар сизнинг нозик ерингиздан тутиб, ҳаётий қувватингизни ўғирлашади. Тўғрироғи, ўзингиз уларнинг найрангига учасиз ва ҳаётий қувватингизни уларга бериб қўясиз.
Ҳаётий қувватингизни эҳтиёт қилинг. Қитмир одамга дуч келсангиз – унга нисбатан мутлақо бефарқ бўлинг. У сизни у ёқдан бу ёқдан илмоқчи бўлиб тиришади – аммо агар сиз охиригача бефарқ қола билсангиз, у сизни ўз ҳолингизга қўяди. Қайтанга, у сизнинг ғашингизга тегиш учун қувват сарфлайди-ю, ҳеч вақога эриша олмайди.
Ҳаётни, табиатни, санъатни севиш қобилияти ҳаётий қувватингизни юқори тутиб туриш учун жуда фойдали. Шундай экан, дунёнинг ҳар қиррасидан баҳра олиб, кўнглингизни кенг қилиб яшанг. Кенг кўнгилга ўзига яраша катта бахт берилади. Қалби тор одам эса, йўлидан қанча катта бахт чиқмасин – тор кўнглига сиққанини ололади, холос.
Одамнинг табиати эркинликка интилувчан қилиб яратилган. Аммо энг қизиқ ҳолат шундаки, бизни тобе этиши мумкин бўлган кучлар рўйхатида биз мутлақо кутмаган нарса биринчи ўринда туради. Бизни мудом бир нарсага мажбурлаб, фикр-у қудратимизни ўзига бўйсундира оладиган бир туйғу борки, камдан-кам кимса унга қаршилик қила олади.
Бу туйъгу сиз нимани гапиришингиз, нима истеъмол қилишингиз, қаерга боришингиз, кимлар билан яхши, яна кимлар билан ёмон муносабатда бўлишингиз – хуллас, сиз қандай ҳаёт кечиришингиз кераклигини уқтириб туради. Сиз унинг сўзини икки қилолмайсиз – сиз ҳатто унинг амри билан иш кўраётганингизни англамаслигингиз мумкин.
Баъзида у ўз зулмида шу даражага бориб етадики, сиз ортиқ тоқат қилолмайсиз – эрксевар табиатингиз устун келиб, унга қарши қўзғолон кўтарасиз. Аммо вақт ўтиб, ғалаён босилади, ташвишлар унут бўлади ва сиз тағин ўз туйғуйингизга тобе бўлиб қоласиз.
Ўзингиз ҳақингиздаги яна бир сирдан бохабар бўлишга тайёрмисиз? Эсингизда бўлсин: шахсий муҳимлик туйғуси – сизнинг биринчи рақамли душманингиз.
Шахсий муҳимлик туйғусини икки оғиз гап билан таърифлаш ёки тушунтириш қийин. Айтайлик, сизни кимдир қаттиқ ҳақорат қилди. Ёки сиздан бир нарсани қаттиқ талаб этишди. Ёки сиз ўзингиздан ўзингиз бирор иш учун хафа бўлиб кетдингиз. Бундай ҳолатларда нимани ҳис қиласиз? Ғазаб, гина, араз ёки норозилик туйғуси уйғониши мумкин. Сиз зарда қилишингиз, қасдлашишингиз, ўзингизни ҳимоя қилишингиз ёки бировга ҳужум қилишгача боришингиз ҳам мумкин.
Ана шу хатти-ҳаракатлар ва ички кечинмалар ортида шахсий муҳимлик туйғуси туради. Сиздаги ҳар қандай ички кечинмалар, ўй-фикрлар, сиз айтаётган гаплар – буларнинг бари сизнинг шахсиятингиз атрофида айланаверади. Бир кун давомида «мен» олмошини гап-сўзларингиз ва фикрларингизда неча марта учрашига эътибор бериб кўринг – ваъда бераман, ўзингиз ҳам ҳайрон қоласиз.
Айтайлик, биров сизни хафа қилди. Хаёлингиздан тахминан қуйидагича савол ўтади: «У мени нега хафа қилди?» Бунда сиз маъно урғусини ҳар хил сўзга қўйишингиз мумкин.
«У мени нега хафа қилди?»
Яъни ўзингиздан нега айнан у сизни хафа қилганини сўрайсиз. Хўш, бошқаси хафа қилиши керакмиди? Ёки бошқаси сизга у айтган гапларни айтганда хафа бўлмасмидингиз? Сизга хатойингиз ҳақида, айтайлик, яқин дўстингиз айтса, буни енгил қабул қиласиз. Аммо сиз унчалик суймаган одамдан буни эшитсангиз – тамом! Бу сиз учун охирзамон дегани! Ҳар хил одамдан эшитган гапларга ҳар хил муносабатда бўлиш – одам ажратишдан бошқа нарса эмас. Ахир, сизга душманингиз бўлса ҳам хатойингиз ҳақида гапирса – бу уни тўғрилашга имкон эмасми?
«У мени нега хафа қилди?»
Яъни у нега айнан сизни хафа қилгани. Бу ҳолат – шахсий муҳимлик туйғуси энг жунбишга келган ҳолат. Ростдан ҳам, у нега сиздек беғубор, беозор ва бекам одамни хафа қилди? Мен ҳам бегуноҳ эмасман дейсизми? Унда нимага у сизни хафа қилмаслиги керак? У бошқа бировни хафа қилганда бунчалик куюнмаган бўлардингиз – шундайми?
Тўғри – баъзида биз мутлақо айбсиз бўла туриб, бўхтон қурбонига айланиб қоламиз. Аммо жуда кўп ҳолларда бўлиб ўтган воқеада бизнинг ҳам оз бўлса-да ҳиссамиз бўлади. Қарс икки қўлдан чиқади деб бекорга айтишмаган.
Энг қизиғи, биз бошимизга тушган ташвишда тақдир ва Яратганни ҳам шундай айблаб қўямиз. «Қайси гуноҳим учун?» каби саволлар аслида «Мендек беайб бандангга қилмаган гуноҳи учун нега жазо бердинг?» дегани. Уни қарангки, жуда кам одам бахтга эришганда «Қайси қилган савобларим учун менга бу бахтни ато этдинг?» деб сўрайди. Шунақа – гуноҳларимизни қисқа хотирада тутамиз-у, савобларимиз темир дафтарга ёзилади. Олган жазойимиз сабабини топа олмаслик қуйидагича саволларга олиб келади:
«У мени нега хафа қилди?»
Баъзида биз кутган нарсамиз бўлмаганидан хафа бўламиз. Кимдандир мақтов кутасиз-у, у сизни боплаб танқид қилиб беради. Кимдандир эътибор кутасиз – у сизни танимай ўтиб кетади. Яна кимдандир меҳр кутасиз – у сизга ғайирлик қилади ёки бошқа бировга меҳр кўрсатади. Шунда ўзингизга:
«У мени нега хафа қилди?»
деб савол берасиз. Ахир, ундан бир нарса кутган сиз. Ўша сиз кутган нарсани бермаса – бу у сизга нисбатан ноҳақлик қилгани эмас. Ахир, у ҳам алоҳида шахс, унинг ҳам ўз ниятлари ва режалари бор. Балки, у мутлақо сиз ундан бирор нарсага умидвор бўлаётганингизни билмас. Бу ҳолатда бирор кимдан хафа бўлиш мутлақо ўринсиз.
Бесплатно
Установите приложение, чтобы читать эту книгу бесплатно
О проекте
О подписке