Келинг, сизга бир эртак айтиб берай.
Қадим-қадим замонларда бир шаҳар бўлган экан. Унинг бир золим подшоҳи бўлиб, у фақат ўз билганича иш тутар, на вазирларининг маслаҳатларига ва на шаҳар аҳолисининг арзларига қулоқ солар экан.
Узоқ ўлкалардан келувчи савдогарлар шаҳарликларга бошқа мамлакатларда одамлар қандай эркин яшашлари, маданий ривожланишда катта ютуқларга эришгани, ўз табиатларини маънавий юксак қилиб тарбиялашгани ҳақида айтиб берар экан. Шаҳарликлар бу гапларни ҳавас ва надомат билан эшитар, борган сари ўз шоҳларидан норози бўлиб қолишар экан.
Аҳоли орасида бундай норозиликни бартараф этиш ва бўлғуси ғалаёнларнинг олдини олиш учун маккор шоҳ ўз шаҳри дарвозаларини батамом беркитиб, шаҳарни ташқи дунёдан узиб қўйишга қарор қилибди.
Бу қарори шаҳарликларнинг кучли норозилигига сабаб бўлишини билган шоҳ вазиятдан чиқиб кетишнинг жуда айёр йўлини топибди. У ўз аскарларининг бир қисмини тунда яширинча шаҳар ташқарисига олиб чиқиб, уларни ўзга мамлакат аскарларидек кийинтирибди. Уларга тонг отиши билан шаҳарга ҳужум қилиб, уни қамалга олишни буюрибди.
Эртасига сохта лашкар шаҳарга ҳужум қилибди. Шоҳ ҳимояланиш важи билан шаҳар дарвозаларини мустаҳкам беркитишни буюриб, ҳар бир дарвозага қаттиққўл соқчи қўйибди. Кимки шаҳардан чиқишга ҳаракат қилса, у душманга сотилган хоин сифатида қатл этилиши эълон қилинибди.
Шу тариқа шаҳар аҳолиси қамал остида эканига ишонтирилибди. Йиллар ўтибди ҳамки, подшоҳ ҳийласи бўлган «душман» қамални ечмабди.
Ўсиб бораётган шаҳар аҳолисига турар жой ва озиқ-овқат етишмай қолибди. Устига-устак, шаҳарда турли касалликлар тарқай бошлабди. Натижада аҳоли ўсишдан тўхтабди. Озиқ-овқат ва яшаш муҳити учун рақобат кучайгани сари, одамлар ваҳшийлашиб, тубанлашиб борибдилар.
Атроф дунё ривожланишда давом этаверибди. Аммо қамалдаги шаҳар бузғунликка дучор бўлибди. Ўттиз йилдан сўнг шаҳар аҳолиси икки баробарга қисқариб кетибди. Ярим асрдан кейин эса шаҳарда золим шоҳ ва унинг яқин соқчиларидан бошқа ҳеч ким қолмабди…
Эртакнинг охири аянчли – унинг якунини ўйлаб топишни сизга қолдираман. Аммо унда жуда муҳим сабоқ яширин.
Китобхон, мен очмоқчи бўлган навбатдаги сир сизга мутлақо ёқмаслиги мумкин. Лекин очиқ қалб ва очиқ фикрлиликни сақлай билсангиз – мен ҳақ эканимга амин бўласиз.
Ҳар биримизнинг дунёйимизда ана шундай шаҳар мавжуд. Бу – сизнинг шахсиятингиз шаҳридир. Уни сизнинг ақлингиз қамал қилган. Нега деб ўйларсиз? Худди эртакдаги золим шоҳ каби сизнинг шахсиятингиз устидан тўлиқ ҳокимиятга эришиш учун. У сизнинг ҳар бир қарорингиз ва хатти-ҳаракатингизни бошқаришга, ҳаётингизни ўз хоҳишига кўра қуришга интилади.
Билим – бахт калити. Аммо, афсуски, кўпинча билим – сизнинг шахсий ўсишингизни тўхтатиб қўядиган, маънавий юксалишингизга қаршилик қиладиган «сохта душман». У, албатта, сизнинг ақлингизга бўйсунади. Фақат у шу ақл буйруғига кўра душман кийимини кийиб олган ва сизнинг қалбингизни қамалда сақлайди.
Ишонмайсизми? Айнан сизнинг хатти-ҳаракатларингиз бунга исбот. Сиз бирор нарсада хато қилсангиз, уни осонгина тан оласизми? Йўқ. Биров сизга тўғри маслаҳат берса-ю, у сизнинг ақлингиз интилган нарсаларга мос келмаса – бу маслаҳатга қулоқ соласизми? Йўқ. Сиз кўпи билан ўзингизни у одамнинг маслаҳатини олгандек қилиб кўрсатасиз – аммо барибир ўз билганингиздан қолмайсиз.
Бизнинг ақлимиз шу даражада айёр ва уддабуронки, у тамоман атроф-дунёни қандай кўришимизгача таъсир қилади. Агар ақлингиз чиройли кийинган одам бадавлат бўлади деб қонун чиқарган бўлса, сиз кийиниши чиройли бўлган одамни ўзингиз билмаган ҳолда олийнасафлар тоифасига қўшаверасиз. Агар сизни, айтайлик, қора кўзойнак таққан одам алдаб, чув тушириб кетган бўлса, сизнинг ақлингиз қора кўзойнак таққан бошқа ҳар қандай одамга шубҳа билан қарайверади.
Бундан ташқари, ҳар биримизда оила, мактаб ва жамият таъсирида «яхши» ва «ёмон» нарсалар ҳақида тушунча шаклланиб қолган. Ақлимиз бу тушунчаларни қонун даражасига кўтариб, улар воситасида дунёни борича кўришимизга ҳалал беради.
Айтайлик, бизга ёшлигимиздан ичкиликбозлик жуда ёмон эканлиги уқтириб келинади. Натижада ақлимиз спиртли ичимликни ёмонлик белгиси деб қоида қилиб қўяди. Сиз ароқ дўкони олдида турган одамни кўриб қолсангиз, у ҳақида яхши хаёлга боришингиз қийин. Агар у чўнтагидан пул олиб санаб қўйса – у ғирт ароқхўр эканига ишонасиз қўясиз. Ваҳоланки, у ароқ дўкони олдида бошқа мақсадда турган, пулни эса касал ётган фарзандига дори олиш учун дўкон эгасидан шошилинчда олган қарзини тўлаш учун санаётган бўлиши мумкин.
Юқоридаги каби мисолларни минглаб келтириш мумкин. Хулоса эса аниқ – дунёни ақлимиз ўрнатган қоидалар асосида баҳолаш, атрофингизда аслида кечаётган жараёнларни кўра билмаслик дегани.
Аммо энг катта муаммо бундамас ҳали.
Энг ачинарлиси, ақлининг гапига эргашишда ўта чуқурлашиб кетган одам шахсий, яъни маънавий ўсишдан тўхтаб қолади. Бунинг энг яққол мисоли – ҳамма нарсани билишга даъво қилган одамдир. У ўз билим ва тушунчаларига шу қадар тобе бўлиб қолганки, ўзгалар фикри ва қадриятлари унинг учун хато бўлиб кўринаверади.
Албатта, сиз бундай одам эмассиз. Бу китоб ундай одам қўлига тушса эди, у энсаси қотиб ёки масхаромуз кулиб, китобни елкасидан ошириб ташлаган бўларди. Тўғрида – у шундоқ ҳам қандай яшаш кераклигини билади, бунда унга дарслик керак эмас.
Бироқ ҳар биримизда ана шундай ўзбилармонлик иллати озми-кўпми бор. Буни тан оламизми-йўқми, ҳар биримиз ўзгалар фикрини ҳар доим иккинчи даражага қўямиз. Ақлингиз ҳозир «Нима унда бошқаларнинг фикрига қараб яшашим керакми?» деб ғазабланаётганини сезиб турибман. Унга қарши мен ҳеч нарса демайман – чунки ақлингиз ҳар қандай гапимни инкор қилишда давом этаверади.
Умуман, мен сизнинг ақлингиз эмас – қалбингиз билан сирлашсам дегандим. Аммо, аввал айтганимдек, ақлингиз қалбингизни етти эн девор билан ўраб, қамал қилиб олган. Кўнглингиз дарвозаларига калладек қулф осиб, унинг калтини қайсар посбонга топширган. Шу боис кўнглингизга йўл топиш учун мен сизнинг ақлингиз билан сулҳга бормасдан иложим йўқ. Калитдор посбонга аниқ мантиқий исботлардан пора бериб, уни авраб дарвозани очиб беришга кўндиришга уриниб кўраман. Агар ақлингиз тоқатсизлик қилиб, мени қувиб юбормаса – қалбим айтган сирлар қалбингизга етиб боришига ишонаман.
Инсон ақли у ҳаётида шу кунгача олган билимлардан фойдаланиб иш кўради. Болаликда бизнинг ақлимиз билимга чанқоқ, янгиликка интилувчан бўлади. Шунинг учун катталарни турли-туман саволлар билан қийнаб қўямиз. Баъзида катталар ёш боланинг саволига жавоб бера олмай қолади – бунда саволнинг жавоби улар билим доирасига кирмайди.
Улғайиб борар эканмиз, биз билган нарсалар кўпайиб боради. Аввал айтганимдек, ақлимиз билган нарсаларини қонун қилиб ўрнатиб қўяди. Бориб-бориб, бундай қонунлар шу даражада кўпайиб кетадики, улар янги билимга интилиш истагини енгиб кетади. Киши ўз ҳаётий тажрибасига шубҳа қилмайди ва ҳаётни ҳозиргача билган нарсалари доирасида таҳлил қилиб яшайверади.
Аммо ўйлаб кўринг. Ахир, дунё – бу чексиз ҳақиқатлар макони.
Сатҳи футбол майдонига тенг оқ қоғозни тасаввур қилинг. Мана сиз унинг устида юрибсиз. Қўлингизда қалам. Қани, шу қалам билан қоғозга тангадек айлана чизинг. Бўлдими? Яхши. Энди унинг ёнига коптокдек айлана чизинг. Буни ҳам уддаладингизми? Офарин. Энди катта дошқозон оғзидек айлана чизинг. Бу ҳам жуда осон – шундай эмасми? Энди учала айланага қаранг – диққат билан қаранг.
Сизнинг билимларингиз худди айланадек чексиз катта дунёнинг бир бўлагини ажратиб беради. Билимингиз қанча кўп бўлса – қоғоздаги айланангиз шунча катта демак. Лекин сиз ўз айланангизни чизиб, унинг ҳошияларини қалинлаштириб мустаҳкамлаб қўйсангиз – айланангиз ўсишдан тўхтайди.
Англаб турганингиздек, айлана қанча катта бўлса, шунча яхши. Бироқ мен сизга билим айланангизни иложи борича каттароқ чизишни эмас – уни ўсишдан тўхтатмасликни таклиф қилмоқчиман. Ахир, тинимсиз ўсиб борган айлана бир кун келиб футбол майдонидан ҳам каттароқ бўлиб кетиши мумкин…
Биз билишимиз мумкин бўлган ҳақиқатлар чексиз кўп. Унинг бир қисминигина ажратиб оладиган ва шу билан чекланадиган одамлар – ўз манфаатларига зид иш қиладилар. Улар одатда «Мен билган нарсаларим – ҳақиқат. Ундан бошқа нарсалар – сафсата ва мен бу сафсатага қизиқмайман» каби тамойилда яшайдилар.
Чинор навдасини гултувакка экиб қўйсангиз, унинг илдизлари тувак сополига қадалиши билан, у ўсишдан тўхтайди ва тез орада қуриб қолади. Ваҳоланки, унинг ўсиш муҳити тувак билан чекланмаганда – у улкан ва барҳаёт дарахт бўлиб етишар эди.
Сиз – улуғликка аталган бекам қалб эгасисиз. Шундай экан, шахсиятингиз дарахтини ўсишдан тийиб турган ақл чекловларидан халос бўлинг. Бунга эришиш осон эмас. Аммо натижа – барча уринишларингизни оқлайди.
Ақл қамалида қолган шахсият шаҳрини ташқаридан келган кучлар озод эта олмайди. Яъни мен сизнинг шахсиятингизни чекланишлардан халос қила олмайман. Мен сизга буни қандай қилиш мумкинлигини айтоламан, холос. Бундай қаҳрамонликка золим шоҳнинг гапига ишониб яшаётган шаҳарликларгина қодир. Сўнгги қарор қалбингиздан…
Энди китоб аввалида сизга берган саволимни такрорлайман: сиз кимсиз?
Биз бу дунёда атиги бир заррача эканимизни тасдиқловчилар ҳақ – фақат бу заррачанинг қудрати ҳақидаги ҳақиқатни улар эътиборсиз қолдиришган.
Ҳар бир одам, ҳайвон ёки ўсимлик – бу дунёда бор-йўғи бир зарра. Аммо ана шу миллиардлаб зарралар хоҳишига қараб дунё ўзгариб боради. Ана шу зарраларга дунёни ўзгартириш қудрати берилган. Энг майда вируслардан тортиб, уммондаги улкан китларгача дунё шаклланишига ўз ҳиссасини қўшади.
Ҳар бир жонзотнинг ўз аҳди бор. Ҳар бир организмнинг ўз мақсади бор. Егулик топиш, ҳимояланиш, насл қолдириш ва бошқа кўплаб мақсадларни кўзлаб табиат фарзандлари атроф-дунёни ўзгартирадилар.
Биз ўсимликларни ҳар қандай ҳиссиёт ва ички кечинмалардан маҳрум мавжудот деб ҳисоблашга кўникканмиз. Тўғри-да – улар мева ёки дон тугиб бизни боқиш, поялари чорвамизга ем бўлиши, таналари бизга иссиқлик ёқилғиси бўлиб хизмат қилиш учун яратилган. Гулзордаги гуллар, ўрмондаги дарахтлар, даладаги экинлар, боғдаги мевалар – улар нимани ҳам ҳис қилиши мумкин. Уларда қандайдир туйғулар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гап жуда кулгили эшитилади.
Уни қарангки, ўсимликлар ҳам қўрқув, ҳаяжон, севиниш каби туйғуларни ҳис этар экан. Улар ҳатто севишга қодир десам нима дейсиз? Ишониш қийин-а? Аммо бунинг илмий исботлари бор.
Америкалик олимлар оддий тажрибада ўсимликлар ҳақида кўп нарсаларни кашф этишди. Улар маккажўхори танасига жуда кучсиз электромагнит тўлқинларни ўлчайдиган асбобни улаб қўйишган. Бир ҳафта давомида ўсимлик ўсаётган хонага навбат билан икки ёрдамчи киритилган. Бири ўсимлик билан жуда мулойим муносабатда бўлган, майин мато билан унинг баргларини тозалаб турган, унга сув қуйган ва ширин гаплар билан эркалатган. Иккинчиси ҳар сафар хонага қайчи кўтариб кирган, ўсимлик баргларини қирқиган, унга қўпол муносабатда бўлган, ёқимсиз гаплар гапирган.
Тажриба сўнггида олинган натижалар ҳаммани ҳайратга солган.
Жўхори ўсаётган хонага меҳрибон ёрдамчи кирганда, ўсимлик танаси хотиржам нурланиш таратган. Қаровчи уни эркалатганда эса, ўсимлик таратаётган электромагнит тўлқинлар бир маромга келган ва яна-да текислашган.
Аммо хонага қайчи кўтарган тажрибачи кирганда, ўсимлик уни дарҳол таниган, унинг танаси нотинч электромагнит тўлқин чиқара бошлаган. Қаровчи унинг ёнига қайчи билан яқинлашганда эса, жўхори қичқириққа ўхшаш кучли тебраниш билан муносабат билдирган.
Жуда ажойиб-а? Ўсимликларнинг ҳам эслаб қолиш, муносабат билдириш, ҳадиксираш ва қўрқиш қобилиятлари бор экан. Бунга бошқа кўплаб илмий далиллар келтириш мумкин.
Асл боғбон ёш навниҳолни ўз фарзандидек парвариш қилади. Ҳеч боғидаги мевали дарахтлар билан гаплашиб юрган боғбонни кўрганмисиз? Мен кўрганман. Унинг боғидаги дарахтлар ҳар йили бехато ҳосил беради ва мевалари шираси билан тилни ёради.
Мусулмончиликда ҳайвон сўйишда дуо айтилиши бекорга эмас. Уста қассоблар ҳеч қачон қурбонликка аталган ҳайвонга пичоқни кўрсатмайдилар. Улар ҳайвонни тинчлантириб, эркалаб юпатиб – кейин пичоқ тортадилар. Исломда қийнаб ўлдирилган ҳайвон гўштини ҳаром дейилиши бежиз эмас. Бунда ажойиб хислат бор. Гап шундаки, агар ҳайвон ўлимидан олдин қўрқса, унинг қонига катта миқдорда адреналин қўшилади. Қассоблар ҳайвон бўғзига пичоқ тортиб, унинг томирларидан ҳамма қонни чиқариб ташлайдилар. Аммо майда қон томчилари эт ҳужайралари орасида қолиб кетади. Агар бу қон томчилари адреналинга тўйинган бўлса, у гўштинг сифатини бузади ва уни истеъмолга яроқсиз қилиб қўяди.
Одамзот онгги ўсгани сайин она табиатдан узоқлашиб, унга бегоналашиб бормоқда. Ахир, бугун қай биримиз атрофимиздаги бошқа жонзотларнинг мақсадлари ва туйғулари билан қизиқамиз? Яратган ҳар бир мавжудотни руҳ билан яратган – ҳар бир жонзот ҳис қилиш ва ўз мақсадларига интилиш қобилияти билан бунёд бўлган.
Кейинги сафар севимли инсонингиз учун совға тарзида яшнаб турган гулни узмоқчи бўлиб, унга яқинлашганингизда – бечора ўсимлик қандай даҳшатли ваҳимага тушишини ўйлаб кўринг. Тирик дарахт қаршисида болта кўтарган киши пайдо бўлса – дарахт ҳис этган қўрқувни тасаввур қилинг.
Бесплатно
Установите приложение, чтобы читать эту книгу бесплатно
О проекте
О подписке