Читать бесплатно книгу «Ўзлик сари етти қадам – 4. Яхши ва ёмон» Жавлон Жўраев полностью онлайн — MyBook
image
cover

Ўзлик сари етти қадам – 4
Яхши ва ёмон
Жавлон Жўраев

© Жавлон Жўраев, 2020

ISBN 978-5-4493-7274-1 (т. 4)

ISBN 978-5-4493-7267-3

Создано в интеллектуальной издательской системе Ridero

– Ёмонлик, сен нега бунчалик ёмонсан?

– Бу қанақа бемаъни савол, Яхшилик – мен сен яхши бўлганинг учун ёмонман.

– Мен яхши бўлмасам, сен ҳам ёмон бўлмасмидинг?

– Албатта! Унда менинг ёмон бўлишимга ҳожат қолмас эди…

Диққат

Китобда билдирилган динга ва эътиқодга доир мулоҳазалар муаллифнинг шахсий фикри бўлиб, улар ҳеч бир диннинг расмий ҳақиқати сифатида айтилмаган. Муаллифнинг дин номидан гапиришга диний саводи етарли эмас ва бу фикрлар фақатгина фалсафий нуқтаи назарни ўқувчига етказиш учун мисол тариқасида келтирилган.

Муаллифдан

Азиз Китобхон,

Ҳали жонингизга тегмадимми? Бу учта китоб ёзиб ҳам, айтадигани тугамабди деб жаҳлингиз чиқмаяптими?

Сизни зериктирмаган бўлсам, навбатдаги суҳбатимизга хуш келибсиз. Тан олишим керак, сиз билан суҳбатлашишни жуда соғинганман. Бу ожизлигимни кечирасиз деган умиддаман.

Аввалги уч китоб сизга ҳам, менга ҳам кўп нарсани ўргатди. Пайқаган бўлсангиз, китоблар жуда оддий, камтар, жиддийликдан ҳоли оҳангда ёзилган. Бу бизга яқин дўст бўлиб олишимиз учун зарур эди.

Энди бир-биримизни яхши биламиз – бир оз дадилроқ гаплашсак ҳам бўлади, менимча. Бу галги суҳбатимиз бир-бирига ишонадиган, бир-бирининг фикрини ҳурмат қиладиган одамларгина муҳокама қиладиган мавзуларга бағишланади. Уларнинг баъзилари жиддий – аммо кўнглимизга таяниб иш тутсак, бир-биримизни албатта тушуна оламиз.

Бизни яхши ва ёмон ҳақидаги ажойиб суҳбат кутмоқда. Анъани сақлаган ҳолда, китоб сиз билан янги сирларни ўртоқлашади. Ва, албатта, сиздан ҳам очиқ кўнгиллиликни ва очиқ фикрлиликни кутади.

Суҳбатимизга энди келиб қўшилганларга аввал туркумдаги биринчи уч китобни ўқиб чиқиш тавсия этилади. Чунки суҳбатда ишлатиладиган кўп тушунча ва атамалар олдин таърифлаб ўтилган ва муҳокама қилинган. Бу суҳбатдан тўлиқ мароқ олишингиз учун, асосий тушунчалар билан таниш бўлганингиз маъқул.

Менимча, ҳамма айтадиганимни айтдим. Ҳа, эсимдан чиқай дебди: ушбу китоб яралишида менга ўз мактублари билан ёрдам берган барча дўстларимизга самимий миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Бу китобни бир мен эмас – ҳаммамиз бир бўлиб ёздик. Ўзимизни озгина мақтаб қўйсак зарар қилмайди.

Ўзлигимиз сари навбатдаги сафарни мана энди бошласак бўлади.

Бошладик

«Ёлғон, ҳаммаси ёлғон,

Дунёда ўлимдан бошқаси ёлғон…»

(Юлдуз Усмонова қўшиғидан)


Мен ёлғончиман десам, нима деган бўлардингиз? Бунга ишонсангиз ҳам, ишонмасангиз ҳам мен ёлғончи бўлиб чиқаман. Сиз ёлғончисиз десам-чи?

Аслида, ҳаммамиз ёлғончимиз. Чунки болаликдан бизни кўп алдашган. Ёлғонлар ичида катта бўлган одамда ростгўйлик бўлиши ҳам ёлъгон.

Ёлғонлар бизга яшашга, қийинчиликларни енгишга, кучли бўлишга имкон беради. «Ҳаммаси яхши бўлади» деб алдаймиз ўзимиз ва атрофдагиларни. «Мен сени севаман» деб алдаймиз. «Мен буни ўзим учун қилмаяпман» деб алдаймиз. «Мен бахтлиман» деб алдаймиз.

Хўш, нега буcнҳалик ёлғонларга кўп таянамиз? Наҳотки, фақат ростдан иборат ҳаёт қуриб бўлмаса? Наҳотки, шахсий эркинлигимиз ёлғонларга боғлиқ бўлса?

Инсон ўз тараққиётида ёлғонни четлаб ўтиши имконсиз бўлган. Ақл ўсгани сари, кўнгил билан ақл зиддияти кучайган. Кўнгил самимий ва содда бўлгани учун, ақл унга нисбатан таъсир қуроли сифатида айнан алдовларни ўйлаб топган. Ва аста-секин ёлғонни санъат даражасига олиб чиққан.

Ёлғон бизга шахсиятимиздаги мувозанатни тутиб туриш учун керак. Айнан ёлғон қалб ва ақл зиддиятларини ҳал қилишда беминнат хизмат кўрсатади, ақл зулмидан тана ва қалб тамоман жабр кўришининг олдини олади. Агар бу мослама ишламай қолса, инсон руҳий саломатлиги бузилади. Руҳий касалликларнинг кўпчилиги ана шундай келиб чиқади – одам қалби ақли айтган ёлғонларга ишонмай қўяди ва қўзғолон кўтаради.

Демак, ёлғон бизнинг соғлигимиз учун зарур экан-да? Бир жиҳатдан, ҳа. Аммо ёлғон соясида яшашни танлаган одамда шахсий эркинлик бўлмайди ва у ақл ҳокимятини тан олиб яшайди. Кўнгил бир умр ёлғонлар билан суғорилади ва ўз истакларига эриша олмайди. Ёлғон дорисини ичиб яшаган одам соғлом – бироқ бахтсиз бўлади.

Хўш, ёлғонларсиз яшаб, мустаҳкам саломатликка эришиш учун нима қилиш керак?

Бунинг учун ақлни назоратпарастликдан ҳоли қилиб, уни кўнгил билан дўстлаштириш керак. Ана шунда ақл қалбни ўзига душман билмайди ва унга қарши ёлғондек ҳавфли қурол ишлатмайди.

Ақл билан қалбни дўстлаштириш бир масала – биз биринчи суҳбатимиздан бери шу ҳақида гаплашамиз. Бошқа масала – ақл ишлатадиган ёлғонларни таний билиш. Бу галги суҳбатимиз ана шунга бағишланади. Унда қанчалик самарага эришганимизга суҳбат охирида баҳо берамиз.

Суҳбат давомида биз ҳаётимизга ва шахсий ўсишимизга катта таъсир ўтказадиган ёлғонлар ҳақида билиб оламиз. Ёлғонлар таъсирида қандай муҳимликларга берилишимиз, қандай кемтиклар орттиришимиз муҳокама қилинади. Қайси ёлғонлардан қўрқишимиз ва ёлғонлар соясида аҳд кучимиз қандай исроф бўлиши ҳақида суҳбатлашамиз.

Келинг, суҳбатни тарихдаги энг катта ёлғон билан танишишдан бошлаймиз.

Душанба – Шахсият

Буюк ёлғон тарихи

Яралиш аввалида Ер юзи жаннат бўлган. Унда ҳамма жонзотлар ўзаро мувозанатда яшаганлар. Улар орасида бир жонзот бўлганки, у ўз қизиқиши билан бошқа мавжудотлардан кескин ажралиб турган.

Қизиқиш уни ймоғир нималигини билишга, дарахт тепасига чиқишга, бошқа ҳайвонлар уясига кириб кўришга ундаган. Қизиқиш уни турли меваларни еб кўришга, чақмоқ уриб ёниб кетган дарахт танасидан қолган чўғни ушлаб кўришга чорлаган.

Айнан қизиқиш орқали одамзотда ақл ривожланган. Биз айнан қизиқувчанлигимиз сабаб ман қилинган мевадан еб кўрганмиз ва бизга ақл битган. Илм-фан ҳам, дин ҳам бир ҳақиқатлар ҳақида сўзлайди – фақат иккиси буни ўз усулида, ўз воситаларидан фойдаланиб қилади.

Ақл – инсонда қизиқувчанлик ортидан шаклланган. Қизиқувчанлик сабаб аччиқ мевани еб қўйган одамзот онгида буни қайтиб қилмаслик кераклиги ҳақидаги хулоса шаклланган. Чўғни ушласа қўл куйиши, айни бир ўтни чайнаса сарҳуш бўлиши, дарахтга чиқса атроф яхшироқ кўриниши ана шундай хулосалар шаклида одам онгидан жой ола бошлаган. Ақл ана шундай шаклланган.

Фақат ақл бунда бир муаммога дуч келган: ширин мевани еб кўргандаги роҳатни аччиқ мева егандаги азобга солиштириш ва уларни бир-биридан фарқлаш учун шартли белгилар керак бўлган. Шунда ақл унга ёққан ҳамма нарсани «яхши» – унга ёқмаганларини эса «ёмон» ёрлиғи билан белгилай бошлаган.

Биз улуғлайдиган «яхши» ва «ёмон» сифатлари ана шундай пайдо бўлган. Бу иккиси шучаки шартли белги – улар одам хулосаларини таснифлаш учун керак бўлган, холос. Аммо таъми аччиқ бўлган мева аслида танага шифо эканини ақл билмаган. Чўғ тўғри ишлатилса, совуқда тафт, зулматда нур мериши мумкинлигини ҳам ақл билмаган. У бу нарсаларни билмай туриб аччиқ мева ва чўғга «ёмон» ёрлиғини осган.

Ақл атрофдаги нарса, жонзот ва ҳодисаларга яхши ва ёмон сифатини беришга шу даражада киришиб кетганки, тез орада у бутун дунёни икки хил турга ажратиб ташлаган. Аммо вақт ўтиб, у аввал яхши деган нарсалар аслида зарарли, у аввал ёмон деб атаган нарсалар аслида фойдали эканини билиб қолган. У катта қийинчиликлар билан бу нарсаларга берган баҳосини ўзгартиришга мажбур бўлган.

Яхши ва ёмон – тарихдаги энг катта ёлғон. Дунёда яхши ва ёмон нарсалар, жонзотлар, одамлар йўқ. Ҳаётда яхши ёки ёмон ҳодисалар содир бўлмайди. Ақлимиз у ёки бу нарса яхши ёки ёмон эканига бизни алдаб ишонтиради. У буни бизнинг қарорларимиз устидан эга чиқиш учун – бизнинг шахсиятимизни қамалда сақлаш учун қилади.

Бу дунёда яхши ёки ёмон нарса йўқ – бу дунёда оддий нарсалар бор. Бу дунёда яхши-ёмон жонзот йўқ – табиатда ҳар бир жонзотнинг ўз ўрни бор. Бу дунёда яхши-ёмон одам йўқ – бу дунёда сиз ва мен каби оддий одамлар бор.

Хўш, бу буюк ёлғонга қандай ишонганмиз? Ақлнинг яхши ва ёмон ҳақидаги найрангига қандай учганмиз?

Буни англаб етиш учун биз аввалги китобларда муҳокама қилинган табиий ва орттирилган (ижтимоий) билим тушунчаларига мурожат қилишимиз лозим.

Ҳайвоннинг боласи атрофидаги ҳавф-хатардан бохабар туғилади. У нимадан қочиш, кимга талпиниш, қандай тирик қолишни билади. Бу билимларни унга табиат берган. Бу билимлар унга ота-онасидан қон билан – жон билан ўтган. Бу билимлар унинг генида ёзилган.

Одамзот боласи ҳам ҳудди шундай табиий билимлар билан яралади. Биз ҳам ота-онамиздан тирик қолиш, яшаш ва ривожланиш учун зарур ҳамма билимларни олиб дунёга келамиз. Бу билимлар (ҳақиқатлар) бизга яралиш пайтида берилган.

Нега биз яхши ва ёмон нима эканини билиб туғилмаймиз? Чунки «яхши» ва «ёмон» тушунчалар фақат жамиятга тегишли. Чунки бу табиий билим эмас. Чунки «яхши» ва «ёмон» деган ҳақиқатлар йўқ аслида. Бу – одамлар дунёни борича қабул қила олмаганидан келиб чиққан сароб. Улар бу ёлғонни ўзларига қарши ўйлаб топишган. Бу ёлғонни ақл одамзот устидан бўлинмас ҳукмга эга бўлиш учун ўйлаб топган. Биз ўз ақлимиз ёлғони ташлаган қопқонда яшаймиз.

Бу таъкид кимдадир норозилик уйғотиши мумкин. Бизга эсимизни таниганимиздан бир гап уқтирилади: яхши-ёмонни билмаган яшай олмайди, бахтли бўлмайди. Бу гап ҳам ёлғон – бизга яшаб қолиш ва бахтли бўлиш учун бу дунё, унинг таркибий қисмларини, бошқа жонзот ва одамларни яхши ва ёмонга ажратиш шарт эмас. Аниқроғи – бундай қилиш бизга яшашга – бахтли яшашга ҳалал беради.

Жуда кўп ҳолларда яхши ва ёмон сифатлари шунчаки андозага таяниб айтилади. «Ўғлим, бу ишни қилиб бўлмайди – Нега? – Ёмон бўлади» каби тарбия болада зарарли яхши-ёмон тушунчасини шакллантиради. Тарбия пайтида у ёки бу ишни яхши ёки ёмон эмас – фойдали ёки зарарли, бунёдкор ёки вайронкор, керакли ва кераксиз каби таъриф орқали етказган маъқул. Бунда айнан шу иш нега ижобий ёки салбий жиҳатга эга эканига етарлича асос бериш лозим.

«Ўғлим, ана бу болаларга қўшилмагин. – Нега? – Чунки улар ёмон болалар – Нега? – Чунки улар сени ёмон одатларга ўргатади…» Болага «яхши» тарбия бериш важи билан бировнинг боласини ёмон дейишнинг ўзи тўғримикан? Бундай таъкид болада бу дунёда ҳамма тенг эмаслиги – кимлардир дўстларшишга ва ишонишга лойиқ, кимлардир бунга муносиб эмаслиги ҳақидаги асоссиз хулосани шакллантиради. Яъни яхши-ёмон тушунчалари фарзандингизни ҳаётдаги асл қадриятлардан чалғитади.

«Ўғлим, ҳар ким билан дўст бўлиш яхши. Фақат у ёки бу ишни қилишдан аввал бу сенга чиндан керакми-йўқми – ўйлаб кўргин. – Нега? – Чунки одамлар қиладиган ҳамма иш ҳам фойдали бўлавермайди. – Фойдасиз ишни қилсам, кимга зарар? – Энг аввало ўзингга, кейин бошқаларга…»

Бу таъкидда, содда тил билан айтганда, «одам ажратиш» йўқ. Болада одамлар ва уларнинг хатти-ҳаракатларини яхши-ёмонга ажратиш илинжи пайдо бўлмайди. Ҳар кимнинг шахсиятини тенг ҳурмат қилиш ва ўз танловлари учун маъсулиятни сезиш шаклланади. Болани бузғинчи ишлардан «ёмон» одамлардан нари юриши эмас – ўз қарорлари учун жавобгарликни билиши тежаб қолади.

Бесплатно

0 
(0 оценок)

Читать книгу: «Ўзлик сари етти қадам – 4. Яхши ва ёмон»

Установите приложение, чтобы читать эту книгу бесплатно

На этой странице вы можете прочитать онлайн книгу «Ўзлик сари етти қадам – 4. Яхши ва ёмон», автора Жавлон Жўраев. Данная книга имеет возрастное ограничение 16+, относится к жанру «Общая психология».. Книга «Ўзлик сари етти қадам – 4. Яхши ва ёмон» была издана в 2018 году. Приятного чтения!