Читать бесплатно книгу «Ўзлик сари етти қадам – 2. Ҳақиқатхон, танишайлик…» Жавлон Жўраев полностью онлайн — MyBook
image

Ўзлик сари етти қадам – 2
Ҳақиқатхон, танишайлик…
Жавлон Жўраев

– Ҳақиқатхон, жуда хушрўйгина экансиз. Шу сизнинг тенги йўқ чиройингизнинг посбони бўлсам, қаршимасмисиз?

– Йўқ, қаршимасман. Менинг бир умрлик ҳамроҳим бўлишингизга ҳам қаршимасман. Фақат, бир шартим бор.

– Ваҳ, бундай гўзал билан бир умр бирга бўлиш учун ҳар қандай шартга розиман. Айтаверинг, қанақа шарт экан?

– Мени ҳеч қачон ҳеч кимга кўрсатмайсиз…


© Жавлон Жўраев, 2020

ISBN 978-5-4493-7266-6 (т. 2)

ISBN 978-5-4493-7267-3

Создано в интеллектуальной издательской системе Ridero

Муаллифдан

Азиз Китобхон,

Сиз билан қайта дийдорлашиб турганимдан хурсандман. Ўтган суҳбатимиздан бери ҳаётингизда фақат хотиржамлик ҳукм сурган деб умид қиламан. Яна мен билан суҳбатга чоғланибсизми – демак, аввалгисидан кўнглингиз тўлган. Бу ҳар қандай муаллиф учун энг олий мукофот.

Аввалги китобнинг биринчи кунги баёни шахсиятга бағишланган эди. Уни қаранг – ўта фаҳмлилигимдан, сизга шахсият таърифини бермай кетган эканман ўшанда. Ҳечқиси йўқ, бу сафар шахсият деган ғалати, кўпчиликка нотаниш сўз билан нимани ифодаламоқчи бўлганимни айтиб ўтаман.

Шахсият – алоҳида одам табиати ва ҳаёти ҳақида шу одамнинг ўзи ва бошқа одамлар аниқ факт деб қабул қилган ҳақиқатлар ва ёлғонлар тўплами. Озгина мужмал чиқдиёв. Бошқача қилиб айтганда, шахсият – бу бир одам ҳақида унинг ўзи ва бошқаларга тегишли тасаввур.

Бошқаларнинг сиз ҳақингиздаги тасаввурлари ҳам шахсиятингиз таркибий қисми эканлиги балки сизга унчалик ёқмас, балки бунга ишонмассиз – лекин ҳар ҳолда шундай. Баён давомида бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз.

Лекин бизнинг биринчи навбатдаги «тажриба қуёнимиз» – бу ўзимизнинг ўзимиз ҳақимиздаги тасаввуримиз. Аввал ҳам сизга шахсиятнинг шунга ўхшаш таърифини берганман – сиз борингизча ҳаётда ҳақиқат деб билган нарсаларингиз жамламасисиз. Бу ҳақиқатлар шахсиятимизнинг асосий қисмини ташкил этади – шунга монанд уларга баён давомида каттароқ эътибор ажратаман.

Тўғри, бу сафар ҳам сиз китобга камдан-кам одамга очиқчасига айтган сирларингизни ошкор қилишингизга тўғри келади. Лекин, аввал айтилганидек, у сирлар сиз ва китоб ўртасида қолади. Биз улардан ўзлигимизнинг аввал назар солинмаган хоналарига олиб кирувчи эшиклар дастаги сифатида фойдаланамиз. Албатта, сиз исталган пайтда экскурсияни тўхтатиб, дам олишингиз, ёки агар баён сизни мувозанатдан чиқараётганини сезиб қолсангиз – ундан батамом воз кечишингиз мумкин. Бу гал мен сизга боблар сўнгида танаффуслар эълон қилиб турмайман – агар биринчи китоб мазмуни билан яхши таниш бўлсангиз, демак сизда энди кучли шахсиятнинг алоҳида жихатлари намоён бўла бошлаган. Бундай одамга эса қачон танаффус қилиб, қачон қайта изланишга киришишни биров айтиши шарт эмас.

Бу галги баён ҳам бир ҳафтага мўлжалланган. Сизга мутола фақат мароқ келтириши учун, китобни ҳафта кунларига қараб боблаганман. Аввал айтганимдек, шу муддат сизга китоб мазмуни билан танишиш ва унда айтилган фиркларни ҳаётга солиштириб кўриш учун етарли бўлади.

Ҳа, айтганча – сизга иш бошиданоқ бир сирни очиб қўймоқчиман (сир айтишни ҳар сафар мен бошлаганим маъқул): сиз китобга айтадиган сирларингизнинг кўпчилиги аслида сир эмас, кўпчиликка маълум нарсалар. Яна ҳам қизиғи, сиз ҳақиқат деб билган кўп нарсалар аслида унчалик ҳам ҳақиқий эмас. Майли, олдинлаб кетмай – ҳамма нарса бир бошидан айтилгани яхши.

Хўш, ўзлигимиз сари навбатдаги саёҳатни бошладикми?

Бошладик

«Атиргул айтади очиламан деб,

Чиройлилар чаккасига санчиламан деб,

Чиройлилар чаккасига санчилиб бўлиб,

Бевафолар оёғида янчиламан деб,

«йнанг, қизлар, ўйнанг – кўргони келдик,

Сизлар билан даврон сургони келдик…»

(Тўй лапаридан)


Биз нимага келганмиз? Айнан сиз нимага келгансиз? Давру даврон сургани келганмисиз бу дунёга? Ёки бошқалар ўйнабкулишини кўрганими? Ҳа бу, ҳеч нарса ҳақида ўйламай, маза қилиб яшагани келган бўлсангиз – нима қилиб ўзингизни, ўзлигингизни кавлаштириб юрибсиз? Бу сизга нимага керак?

Ана холос, китобнинг бошланиши ажойибку деб камида ҳайрон бўлаётганингизни билиб турибман. Лекин хулоса қилишга шошилманг – хулосалар учун китоб сўнгида алоҳида бир боб ажратганман, хотирингиз жам бўлсин.

Сиз билан иккинчи суҳбатдан олдин мен сиздан юқоридаги каби саволларга жавоб олиб олишим керак. Бу галги суҳбат мазмуни қандай бўлиши – ёки, умуман, унинг бўлиш-бўлмаслиги кўп жихатдан шунга боғлиқ.

Хўш, ўзлигингиз – ўз шахсиятингизни тўлиқ ёки деярли тўлиқ англаш сизга нима учун керак? Ҳар қалай, буни сизга мен ёки яна кимдир айтгани учун қилмаяпсизку? Бу саволга турлича китобхон турлича жавоб беради. Майли, бошқаларни қўйинг – сиз бунга нима деб жавоб берган бўлардингиз? Баённинг давомини ўқишдан аввал, илтимос, шу ҳақида бир оз мулоҳаза қилиб кўрсангиз…

Албатта, барчамиз бу дунёга шунчаки бахтли бўлиш учун келамиз. «Шунчаки» деб соддалаштиришимга сабаб бахт жуда оддий тушунча деб ҳисоблашимдир. Бироқ бошқалар бошқача ҳисоблайди.

Аввалги суҳбатимиздан маълумки, бахт – бу инсон ўз кўнгли истакларига монанд яшаши. Ҳаётингиз қалбингиз ардоғидаги одамлар ҳамроҳлигида ва кўнглингиз тусаган нарсалар иштирокида кечса – бундан ортиқ яна қандай бахт бор, шундай эмасми? Ҳар ҳолда, мен шундай деб ўйлайман. Бироқ бошқалар бошқача ўйлайди бу борада.

Мана энди данагини ҳам ёриб, мағзига етиб келдик. Агар ҳаёт ўз истакларимизга эришиб, лапар айтганидек даврон сургани бағишланиши керак бўлса, биз энг аввало ўша истакларни аниқлашимиз керак. Мана шу ерда ўз шахсиятини тўғри ва етарлича одил баҳолай олиш қобиляти инсонга жуда аз қотади. Чунки истаклар тўғри аниқлансагина уларга эришиш жараёни ва натижасида одам ўзини бахтли ҳис қилади.

Бу ерда мантиқ жуда оддий: истакни тўғри аниқлаш учун ўша истак эгасини яхши билиш керак (ўзингизни яхши билмасангиз – нимани исташингизни қандай биласиз?). Агар бунда кишининг ўзлигини англаш қобиляти кетмони билан ерни сескантириб ҳосил оладиган деҳқондек абжир ва таб тортмас бўлса – марра уники. Агар у ўзини аксинча «менга тегма ва мен сенга тегмайман» йўсинида иш кўрувчи кекса бюрократ каби тутса – унда… унда нима бўлишини айтиб нима қилдим. Бари бир, буларнинг бари шунчаки менинг нуқтаи назарим, холос. Бироқ бошқалар бошқача назарда қарайди бу нарсаларга.

Демак, биз ўзлигимизни англашга ҳаракат қилиб, ўз бахтимизни ҳис этишга, унинг қўлидан тутганча, бутун ҳаёт йўлини босиб ўтишга интиляпмиз. Кимдир айтиши мумкин – эҳ-э, ўзликни англаш, кўнгилга қулоқ солишни ўрганиш жуда қийин иш, унга бутун умрингни сарфлаб қўйишинг ҳеч гап эмас. Бундай ҳақиқат эгаларига мен фақат бир сирни очибгина жавоб қайтаришим мумкин: бахт бу натижа эмас – жараёндир. Истакка эришишнинг ўзидан кўра, унга бориш йўлидаги қадамлар бахтнинг юқорироқ чўққилари, умрнинг мазмуни. Ахир, асл бахт натижа бўлган ўлим эмас – унгача борадиган сафар йўли бўлмиш ҳаётдир.

Ҳа, яна бир гап – сизга мен билан киитоб орқали суҳбат қилаётганингизда ўзингизни ёмон ҳис қилсангиз, бу суҳбатдан воз кечинг деб бежиз айтмайман. Бу ўзимни катта олганимдан ёки сизни бу нарсаларни тушунишга ноқодир деб билганимдан эмас. Шунчаки, бу каби китобларни ўқиш сизнинг истакларингизга зид бўлиши мумкин – мен эса сизни асл истагингизга ва натижа ўз бахтингизга олиб борадиган йўлингиздан чалғитмоқчи эмасман. Бор-йўғи шу.

Бу суҳбатлардан мен сиздан кўра кўпроқ янги илм ўрганишим ёдингизда бўлсин. Сиз менга мен сизга ўргатгандан кўпроқ нарсаларни ўргатасиз – гарчи буни баъзида билмасангиз ҳам…

Душанба – Шахсият

Табиий ва орттирилган

Бугун мен сизга шахсиятимиз ўзагида турадиган тушунча ҳақида айтиб бермоқчиман. Сиз бугун онг ва унинг таркибий қисмлари билан яқиндан танишасиз. Аввалига, онг нима эканини таҳминан бўлса ҳам билиб олайлик.

Онг – бирор жараённи кузатиш, англаш ва унга тегишли муносабат билдириш қобиляти. Қорин очса – овқатланиш, чарчалса – дам олиш, ҳавф туғилса – химояланиш ёки қочиш кераклигини айтиб турадиган «маслаҳатчи» – бу онг.

Одамни бошқа мавжудотлардан фарқлаш учун уни «онгли мавжудот» деб аташади – бу бир оз нотўғри. Барча тирик мавжудотларга онг берилган – табиат барча тирик организмларни яшаб қолиши ва ўзидан насл қолдириши учун зарур билимлар заҳираси билан тақдирлаган. Дарахт ҳам қачон куртак ёзиб, қачон гул очишни, қайси пайт мева тугиб, қачон уларни ерга тўкишни билади. У ҳам атрофни кузатишни, у яшаётган муҳитдаги ўзгаришларга монанд хатти-ҳаракат қилишни уддалаши учун онг билан яратилган. Ёввойи кийик ҳам бир марта ҳавфга дуч келган жойига қайтиб бормасликка, борса ҳам эҳтиёт бўлиш кераклигига онги етади.

Онг ўз фаолиятини олиб бориши учун, унга атроф муҳитдаги жараёнлар ҳақида маълумотлар зарур бўлади. Тирик организмларда бу маълумот таъминоти турли хил сезги органлари орқали амалга оширилади. Фақат, у турли жонзотларда турлича бўлади – унисига кучли ҳид билиш қобиляти берилган бўлса, бошқасига ўткир кўз берилган бўлади. Ўсимликларда ҳарорат, ёруғлик, ҳаво намлиги ва бошқа нозик белгилар ўзгаришини аниқ сезиш қобиляти бор. Онг айнан шундай сезгилар орқали олинган маълумотни қайта ишлайди ва шунга қараб иш тутади.

Биз одамлар ҳам бундан мустасно эмасмиз – бизнинг онгимиз ҳам ҳудди шу тамойилда ишлайди. Аммо бошқа жонзотлардан бизнинг бир фарқимиз бор – бизнинг онгимиз озгина мураккаброқ тузилишга эга. Бизнинг сезгиларимиздан келаётган маълумотлар онгимизга боришида бир воситачи иштирок этади – бу, албатта, ақл. У маълумотлар оқимини тинимсиз кузатиб, тафтиш қилиб, саралаб, баҳолаб, бошқариб туради.

Одамзотга табиат мувазанатни тиклаш учун ақл ато этган. Ўз мавжудлигининг бошида одамзотнинг ҳеч бир сезгиси бошқа мавжудодларникичалик кучли бўлмаган. Бу ибтидоий одамнинг тирик қолиши учун етарли эмас эди – керакли ҳолатда зарур қарор қабул қилиш учун инсон онгига етарлича маълумот етказилмаган. Шу тақчилликни тўлдириш учун, бизга сезгиларимзидан келаётган оз маълумотни таҳлил қилиб, ундан қарор қабул қилиш учун етарли хулосани чиқариб берадиган «мослама» берилган.

Кийикнинг эшитиш қобиляти анча кучли – у атрофида бирор кескин товуш эшитса, орқа-кетига қарамай қочади. Бунда унинг эшитиш сезгисидан келган маълумот тўғридан-тўғри унинг онгига боради ва у эҳтимолдаги ҳавфдан узоқлашишга қарор қилади. Ваҳоланки, бу товушни кийик учун беозор бирор жонзот келтириб чиқарган бўлиши мумкин. Ёки, айтайлик, қуриган дарахт шоҳи синиб тушган бўлиши ҳам мумкин.

Одамнинг эшитиш қобиляти кийикникичалик эмас. Бироқ атрофида бирор товуш эшитса, у дарҳол қочишга тушмайди – унинг қулоқлари илғаган товушни аввал унинг ақли таҳлил қилиб беради. Кейин шу таҳлил натижалари онгга қарор қабул қилиш учун етказилади. Бу жараён жуда тез кечади – шунинг учун ақл эшитилган товушни ҳавф белгиси деб баҳоласа, онг керакли чораларни кўриш учун танага буйруқ беришга улгуради.

Инсон ақли ривожланиб боргани сари, у ўзига хос муаммоларни ҳам келтириб чиқарган. энг биринчи, ақл турли сезги органларига турлича аҳамят бера бошлаган (шу ерда ҳам муҳимлик!) – у ўзи учун қулай бўлган сезгиларни юқори қўйган ва онг эътиборини шу сезгилардан келган маълумотларга қаратган. Масалан, одам атрофдан маълумот олишда кўпроқ кўзларига таяна бошлаган. Бунга сабаб кўриш орқали олинган тасвирий маълумот қайта ишлаш учун осон эканидир. Одамзот бошқа сутемизувчилар каби тўрт оёқда эмас, икки оёқда қаддини тик тутиб юра бошлаган. Бу атрофни узоқроқ масофада кузата олиш имконини берган. Кўпроқ маъсулият кўриш қобилятига топширилгандан кейин, бошқа сезгилар кам ишлатила бошлаган ва вақт ўтиши билан улар яна ҳам сусайган. Масалан, бошнинг ердан узоқлашиши сабаб, ҳид билиш қобиляти деярли керак бўлмай қолган.

Бугунгача биз асосан икки сезги аъзога тобемиз – кўз ва қулоқ. Бошқа сезгилар сусайиши ёки йўқотилиши бизда кўриш ёки эшитиш қобилятини йўқотиш каби катта ҳавотир уйғотмайди.

Одамзотда ҳам, бошқа тирик мавжудодларда ҳам табиатдан берилган бошланғич билим бўлади. Бу табиий билимлар дунёга энди келган жонзот тирик қолиши учун заур. Чақалоқ ҳам оч қолса ёки бирор жойи оғриса, йиғлаш кераклигини билади, қаттиқ товушдан ва йиқилишдан қўрқади. Бундай табиий билимлар хотиранинг ҳар қандай таъсирдан ҳоли қисмида сақланади ва улар ҳеч қачон бизни тарк этмайди.

Ҳаёт давомида эса тирик мавжудод турли вазиятларга дуч келади, уларга онгли равишда муносабат билдиради ва шу муносабатларини хотирасига киритиб боради. Шу йўл билан у ўзига қўшимча билим орттиради – ва бу орттирилган билимлар кейинчалик ишлатиш учун хотирага ёзилади. Аммо улар қандайдир омил таъсирида йўқотилиши, янгиланиши ёки ўзгартирилиши мумкин.

Ҳайвон ва ўсимликлар хотираларидаги орттирилган билимга вазият тақазо этганда мурожат қиладилар. Бошқа пайт уларнинг бунга, шунчаки, вақтлари бўлмайди. Улар мунтазам сергак турадилар – атроф дунёдан барча сезгилари орқали маълумот олишдан тўхтамайдилар. Чунки уларнинг ҳаёти шунга боғлиқ.

Одамзот эса ўзини турли хил йўллар билан мудофа қилиш чораларини олдиндан кўриб қўйишни ўрганган. Шу боис у мудом атроф дунёдан хабардор бўлиб туриши шарт эмас. Бундай бекорчиликдан нима қиларини билмай қолган ақл сезгилардан келаётган маълумотларни тўхтатиб қўйиб, хотирадаги эски маълумотларни қайта таҳлил қилишга тушади. Шунинг учун ҳаёлларига чуқур кириб кетган одам ёнига биров келганини ҳам сезмай қолиши мумкин.

Сезгилар – деҳқончилик ускуналарига ўхҳайди. Улар бизнинг ихтиёримизга фойдаланиш учун берилган. Ҳудди ишлатилмай турган меҳнат қуроллари занглаб қолгандай, улар ҳам қанча кам ишлатилса, шунча ўтмаслашиб, ожизлашиб боради. Шундан, минглаб йиллар мобайнида ақл ўсгани сари, одамзот сезгилари сусайиб келган.

Бесплатно

0 
(0 оценок)

Читать книгу: «Ўзлик сари етти қадам – 2. Ҳақиқатхон, танишайлик…»

Установите приложение, чтобы читать эту книгу бесплатно

На этой странице вы можете прочитать онлайн книгу «Ўзлик сари етти қадам – 2. Ҳақиқатхон, танишайлик…», автора Жавлон Жўраев. Данная книга имеет возрастное ограничение 16+, относится к жанру «Общая психология».. Книга «Ўзлик сари етти қадам – 2. Ҳақиқатхон, танишайлик…» была издана в 2018 году. Приятного чтения!